Лондоннинг "Арсенал" клуби ҳужумчиси Виктор Дьёкерешнинг "Барселона"га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалишда давом этмоқда.
Швециялик футболчи Хулиан Альварес трансфери амалга ошмай қолганидан сўнг "кўк-анорранглилар" ҳужум чизиғини кучайтириш учун кўриб чиқаётган вариантлардан бири ҳисобланмоқда.
Журналист Жерар Ромеро маълумотига кўра, 28 ёшли футболчининг агенти сўнгги икки-уч кунни Барселонада ўтказган. Бу ҳолат "Арсенал" ҳужумчисининг Каталонияга кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни янада кучайтирди.
Шу билан бирга, бошқа манбаларда ҳозирча "Барселона" ва "Арсенал" ўртасида Дьёкереш трансфери бўйича расмий музокаралар бошланмагани айтилмоқда.
"Барселона"га, шунингдек, "Интер" сардори Лаутаро Мартинесга қизиқиш билдирилаётгани ҳақида хабарлар бор. Аргентиналик ҳужумчи ҳам Каталония клубининг вариантлари қаторида тилга олинмоқда.
Transfermarkt порталида Виктор Дьёкерешнинг трансфер қиймати 65 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.













