"Арсенал"нинг собиқ футболчиси ва ҳозирда футбол эксперти сифатида фаолият юритаётган Пол Мерсон "Манчестер Юнайтед"нинг Англия Премьер-лигасидаги янги мавсум имкониятларига баҳо берди.
Мерсоннинг фикрича, "қизил иблислар" ҳозирча чемпионлик учун жиддий кураш олиб боришга тайёр эмас. Эксперт янги мавсумда жамоа натижалари бир маромда бўлмаслигини тахмин қилмоқда.
"Манчестер Юнайтед"да кўтарилишлар ҳам, пасайишлар ҳам бўлади ва мен уларни чемпионлик учун даъвогар сифатида кўрмаяпман. Бунинг учун ҳали жуда эрта. "Юнайтед"да ҳамон баъзида ишончсиз ҳаракат қиладиган ўша ҳимоя чизиғи бор. Ҳужумда эса жамоа гоҳ яхши, гоҳ ёмон ўйнайди", — деди Мерсон.
"Манчестер Юнайтед" ўтган мавсумда Англия чемпионатини учинчи ўринда якунлаган эди. Янги мавсумнинг биринчи турида жамоа АПЛга янги чиққан "Ҳалл Сити"га қарши сафарда майдонга тушади. Учрашув 22 август куни бўлиб ўтади.













