"Тоттенхэм Хотспур" "Манчестер Сити" ҳужумчиси Омар Мармушнинг трансфери бўйича оғзаки келишувга эришди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манба маълумотига кўра, гап дастлабки ижара ҳақида кетмоқда. Битимга муайян шартлар бажарилган тақдирда 50 миллион фунт (тахминан 58 миллион евро) эвазига футболчини мажбурий сотиб олиш банди киритилади.
Мармушнинг ўзи ҳам Лондон клубига ўтишга розилик берган. У 24 август, душанба куни тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.
Ўтган мавсумда Омар Мармуш "Манчестер Сити" сафида барча мусобақаларда 36 та учрашув ўтказиб, 8 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчининг "шаҳарликлар" билан амалдаги шартномаси 2029 йил 30 июнга қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этади.













