«ПСЖ» ҳужумчиси Ферран Торрес Франция чемпионати 1-турида «Ренн» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган учрашувдаги дебюти ҳақида фикр билдирди. Бу ёзда «Барселона»дан Франция гранд клубига ўтган испаниялик футболчи майдонга танаффусдан сўнг, жамоаси 0:2 ҳисобида ортда бораётган пайтда тушди ва дубль қайд этди.
«Унчалик ҳам мамнун эмасман, чунки қалбимиз тубида бугун ғалаба билан бошлашни истаган эдик. Аммо ғалаба қозона олмасак, ҳеч бўлмаганда мағлубиятдан қочишимиз керак. Ўйин давомида ўз ҳаракатларимизни яхшилаб бордик, энди эса кейинги учрашувга тайёргарлик кўриш учун қаттиқ ишлашда давом этишимиз лозим.
Биз аралаш ҳиссиётлар билан майдонни тарк этяпмиз, чунки ҳар бир ўйинда доимо ғалаба қозонишни истаймиз.
Мухлисларга нима демоқчиман? Уларга қўллаб-қувватлагани учун улкан миннатдорчилик билдираман. Сизлар — бизнинг 12-ўйинчимизсиз. Биз сизларга кўплаб қувончли онларни совға қиламиз», — деди Торреснинг сўзларини парижликлар клубининг расмий сайти келтирган.
Ўтган мавсумда 26 ёшли испаниялик футболчи «Барселона» сафида барча турнирларда 49 та ўйин ўтказиб, 21 та гол урган ва 3 та голли узатма амалга оширган.
Жорий мавсумда эса футболчи янги клуби таркибида ҳозирча фақат бир тайм майдонда ҳаракат қилди.
Франция — Лига 1. 1-тур
«Ренн» — «ПСЖ» — 2:2
Голлар: 1:0 — Шиманьски, 9-дақиқа, 2:0 — Леполь, 38, 2:1 — Ф. Торрес, 71, 2:2 — Ф. Торрес, 82













