"Барселона" ярим ҳимоячиси Френки де Йонг тиззасидаги жароҳатдан кейин тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Нидерландиялик футболчи майдонда индивидуал машғулотларни бошлади, бироқ ҳали ҳам оғриқ ҳис қилмоқда.
Журналист Карлос Монфорт маълумотига кўра, Де Йонг бугун майдонда машқ қилган. Ушбу машғулотдан кўзланган асосий мақсад бир неча ҳафталик реабилитациядан кейин футболчининг тиззаси юкламага қандай жавоб беришини текшириш бўлган.
Қайд этилишича, 29 ёшли ярим ҳимоячи айниқса югуришдан кейин тўхташ вақтида тиззасида маълум даражада оғриқ сезмоқда. Шу сабабли унинг жамоавий машғулотларга ва ўйинларга қайтишига ҳали вақт бор.
"Барселона" футболчининг тикланиш жараёнида таваккал қилишни истамаётгани айтилмоқда. Клуб Де Йонгнинг қайтиш санасини сунъий равишда тезлаштириш ниятида эмас. Тиззанинг кейинги юкламаларга муносабатига қараб машғулот интенсивлиги босқичма-босқич оширилади ва шундан сўнг унинг жамоа билан ишлашга қайтиш муддати белгиланади.
Монфортнинг ёзишича, клуб ичида Де Йонгнинг ўтган мавсумдаги айрим тикланиш босқичларига муносабатидан норозилик ҳам мавжуд. Шу боис бу сафар тиббий штаб жараённи янада эҳтиёткорлик билан назорат қилмоқда.
Де Йонгнинг ўнг тиззасидаги ички ён боғлами узилгани 23 июль куни расман тасдиқланган эди. "Барселона" ўшанда футболчини операциясиз, консерватив усулда даволаш ва унинг ҳолатини кейинги ҳафталар давомида кузатиб боришга қарор қилинганини маълум қилган.
14 август куни Де Йонгнинг ўзи ҳам тикланиш учун клуб билан келишилган махсус дастур асосида ишлаётганини, асосий мақсад эса майдонга тўлиқ тайёр ҳолда қайтиш эканини айтганди.













