«Арсенал» «Колхети» клубининг 17 ёшли грузиялик ярим ҳимоячиси Андрия Бартишвили трансфери бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манба маълумотига кўра, трансфер қиймати 4,5 миллион еврони ташкил этади. Келаси ҳафта Бартишвили Лондонга йўл олиб, тиббий кўрикдан ўтади. Шундан сўнг у «Арсенал» билан беш йиллик шартнома имзолайди.
Айни пайтда футболчи Тбилисининг «Иберия 1999» клубида ижара асосида тўп тепмоқда. У жорий мавсумда 24 та учрашув ўтказиб, 2 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Бироқ Бартишвили «Арсенал» сафига дарҳол қўшила олмайди. У 18 ёшга тўладиган 2027 йилда расман Лондон клуби футболчисига айланади.













