«Тоттенхэм» ҳимоячиси Микки ван де Вен жамоанинг Англия чемпионатидаги мавсумни бошлаши ҳақида фикр билдирди.
Лондонликлар дастлабки икки турда «Брентфорд»га 0:3 ва «Ньюкасл»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
«Менимча, бизда кўплаб сифатли футболчилар бор ва сиз айтганингиздек, бунинг айрим белгиларини аллақачон кўриш мумкин. Биз кўплаб ижобий жиҳатларни ажратиб олишимиз мумкин. Энди уларни янада яхшилашимиз ва бунинг устида жуда қаттиқ ишлашимиз керак.
«Ньюкасл»га қарши ўйинда кўплаб вазиятлар яратдик ва тўпга кўп эгалик қилдик. Аммо кейин улар гол уришди ва шу пайтда бизнинг руҳий ҳолатимиз бироз тушиб кетгандек бўлди. Менимча, бу ҳам ишлашимиз керак бўлган жиҳатлардан бири.
Жамоага кўплаб янги футболчилар қўшилди, шунинг учун кўп нарса ўзгармоқда. Майдонда бир-биримизга мослашишимиз керак. Бу сўнгги икки ўйиндаги натижалар учун баҳона эмас, аммо яхшилашимиз керак бўлган жиҳат. Бир-биримизни тобора яхшироқ тушунишимиз керак ва бу эҳтимол бироз вақт олади.
Лекин биз буни имкон қадар тезроқ амалга оширишни ва имкон қадар яхши ўйнашни хоҳлаймиз. Ҳозир энг муҳими шу.
Олдинда кўплаб ўйинлар бор. Менимча, бугунги ўйиндан кўплаб ижобий жиҳатларни олишимиз мумкин ва ваҳимага тушишимиз шарт эмас. Чунки аввал айтганингиздек, биз ажойиб футбол ўйнаган лаҳзалар бўлди. Энди ўйин охирида натижалар ҳам ижобий бўлишини таъминлашимиз керак», деди футболчи.













