«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Алексис Мак Аллистернинг отаси Карлос Мак Аллистер ўғлининг клубдан кетиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди.
«Алексис «Ливерпуль»дан кетиш ҳақида ўйламаяпти. У жамоада қолишни истайди. «Ливерпуль» ҳозирча Алексис билан шартномани узайтириш бўйича музокараларни бошлагани йўқ, аммо футболчининг истаги — шу ерда ўйнашда давом этиш», — деди футболчининг отаси winwin нашрига.
«Ливерпуль» Мак Аллистерни 2023 йилда «Брайтон»дан 42 миллион еврога харид қилган эди. Янги Премьер-лига мавсумида 27 ёшли аргентиналик футболчи 2 та учрашувда майдонга тушди, аммо ҳозирча гол ёки голли узатма билан ажралиб турмади.
Ярим ҳимоячининг мерсисайдликлар билан амалдаги шартномаси 2028 йил июнь ойига қадар мўлжалланган.













