"Ал-Иттиҳод" "Бенфика" ярим ҳимоячиси Ричард Риосни ижарага олиш бўйича Португалия клуби билан келишувга эришди. Энди Саудия Арабистони клуби 26 ёшли колумбиялик футболчи билан шахсий шартноманинг сўнгги тафсилотларини келишиб олиши керак. Бу ҳақда Maisfutebol хабар берди.
Ижара бир мавсумга мўлжалланган бўлиб, шартномада футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.
Риосга "Бешикташ" ва "Халл Сити" ҳам қизиқиш билдирган, аммо футболчининг фаолиятини айнан Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши кутилмоқда. Унинг "Бенфика"ни тарк этишига асосий сабаблардан бири сифатида етарли ўйин амалиётига эга эмаслиги кўрсатилмоқда.
"Бенфика" ярим ҳимоячининг бир мавсумлик ижараси учун 3-4 миллион евро олади. Шунингдек, "Ал-Иттиҳод" ижара муддати давомида Риоснинг маошини тўлиқ ўз зиммасига олади.
Риос ўтган мавсум "Палмейрас"дан 27 миллион евро эвазига "Бенфика"га ўтган эди. Унинг Португалия клуби билан амалдаги шартномаси 2030 йил июнь ойига қадар мўлжалланган.
Колумбиялик футболчи "Бенфика" сафида 51 та расмий учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди.













