Душан Влахович "Ювентус"дан кетиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида очиқ гапириб, шартнома бўйича музокаралар, мухлисларнинг муносабати ва ёзда "Бешиктош"га ўтишига изоҳ берди.
Сербиялик ҳужумчи унинг "Ювентус" билан янги шартнома имзолашни бир неча бор рад этгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
"Уч йил давомида мен шартномани узайтиришни рад этаётганим ҳақида ёзишди. Аммо ҳақиқат шуки, бу масала бўйича клуб билан ҳеч қандай аниқ музокара ўтказмаганмиз", — деди Влахович.
У, шунингдек, клуб олдига турли шартлар қўйгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.
"Мен турли талаблар қўйганим ҳақида жуда кўп гапирилди, аммо бу ҳақиқат эмас эди".
Футболчининг айтишича, жиддий музокаралар фақат ўтган мавсум охирида бошланган. Томонлар ўртасидаги сўнгги суҳбат 2 июнь куни бўлиб ўтган, аммо келишувга эришилмаган.
Влахович бу вазият унинг мухлислар билан муносабатига ҳам таъсир қилганини тан олди.
"Ишончим комилки, буларнинг барчаси мухлисларга ҳам таъсир қилди. U23 жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида стадион сенга ҳуштак чалиши ёқимли ҳолат эмас".
2025 йил ноябрь ойида "Кальяри"га қарши ўйинда олган жиддий мушак жароҳати ҳам унинг мавсумига салбий таъсир кўрсатган. Ўша пайтда Влахович Лучано Спаллетти ишончини қозониб, асосий марказий ҳужумчига айланаётган эди.
Футболчи Туринда ўтказган даври ҳақида илиқ фикр билдириб, "Ювентус" либосини кийганидан фахрланишини айтди. Шу билан бирга, жамоа билан кўпроқ йирик совринлар учун кураша олмаганидан афсусда эканини яширмади.
У келажакда "Ювентус"га қайтиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.
"Нима бўлишини ҳеч қачон билмайсан. Шунинг учун ҳеч қачон "ҳеч қачон" дема. Футболда ҳам, ҳаётда ҳам ҳар нарса бўлиши мумкин", — деди Влахович.
Ҳозир эса сербиялик ҳужумчи "Бешиктош" раҳбариятининг узоқ вақт давом этган қизиқишидан сўнг Истанбул клубини танлаб, фаолиятидаги янги босқични бошлади.













