«Челси» «Борнмут» ярим ҳимоячиси Алекс Скоттни сотиб олиш учун асосий даъвогар бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk манбаларига таяниб хабар берди.
Манба маълумотига кўра, «кўклар» «Борнмут» билан шундай келишувни кўриб чиқишга тайёрки, унга кўра 23 ёшли англиялик футболчи 2027 йил ёзида Лондон клуби сафига қўшилиши мумкин.
«Челси» бошқа номзодларга ҳам қизиқиш билдириб турганига қарамай, Скоттни асосий трансфер мақсади сифатида белгилаб қўйган.
«Борнмут» ёз давомида етакчи футболчиларини сотиш ниятида эмаслигини маълум қилиб келди. Скотт ва Крупи клуб сақлаб қолишга қатъий бел боғлаган футболчилар қаторида эди.
Аввалроқ «Челси» ушбу трансфер учун тахминан 80 миллион евро ажратишга тайёр экани хабар қилинган, аммо бу таклиф рад этилган.
Шу билан бирга, BBC маълумотига кўра, футболчининг ўзи 2026 йилда «Борнмут» томонидан таклиф қилинган янги шартномани имзолашдан бош тортган.
2026 йилги ёзги трансфер ойнасида Скоттга «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити» ҳам қизиқиш билдирган. BBC июнь ойида «Арсенал» ҳам «Борнмут»дан рад жавобини олгани ҳақида хабар берган эди.
Скотт 2023 йил августидан бери «Борнмут» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йил 30 июнга қадар мўлжалланган.
2025/26 йилги мавсумда ярим ҳимоячи 39 та ўйинда 4 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали Алекс Скоттнинг трансфер қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.













