«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета АПЛнинг 3-турида «Челси»га қарши ўтган учрашувдан сўнг матбуот вакилларига фикр билдирди. «Канонирлар» баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Голни қандай ўтказиб юборганимиздан жуда хафа бўлдим. Биз бу ҳақда гаплашдик. Рақибга, шунингдек, вазиятдан фойдаланган Морган Рожерсга муносиб баҳо бериш керак. Аммо голдан кейин қандай жавоб қайтарганимиз ва қандай ўйнаганимиз — учрашувни жуда завқли қилди.
Биринчи дақиқадан охирги дақиқагача жамоамизнинг қандай ўйнаши ва курашишини томоша қилиш катта завқ бағишлади. Футболчилар совуққонлик, характер кўрсатди ва рақиб дарвозаси олдида доимий хавф яратди. Айрим футболчиларнинг индивидуал ўйини ҳам жуда ёрқин бўлди.
Стадиондаги муҳит ақл бовар қилмас даражада эди — бу ўзига хос кеча бўлди. Бугун ўйинимизда яна бир поғона юқорига кўтарилдик. Ҳужумда янада кўпроқ динамика, хавф, мақсадга интилувчанлик ва агрессивликни кўрдингиз», — дея Артетанинг сўзларини Sky Sports келтирди.
Мутахассисдан «Арсенал» бу ўйини билан рақибларига жиддий сигнал юбордими, деб сўрашди.
«Ҳа. Бу учрашув менга жуда ёқди. Ростини айтсам, жамоанинг биринчи дақиқадан охирги дақиқагача қандай ўйнаши ва курашишини кузатиш ажойиб завқ эди», — деди Артета.
«Арсенал» 9 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. «Манчестер Сити» ҳам 9 очко жамғарган.













