Ўзбекистон Про лигасида 18-тур учрашувлари бугун, 7 сентябрь куни давом эттирилади. Турнинг сўнгги кунида тўртта баҳс ўтказилиши белгиланган.
Кеча тур доирасида учта учрашув бўлиб ўтди. "Лочин" ва "Ғазалкент" 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. "Шўртан" сафарда "Яйпан"ни 4:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, "Олимпик Мобиуз" "БухДУ" устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Бугунги куннинг марказий учрашувларидан бири ФарДУ ва чемпионат пешқадами "Арал" ўртасида кечади. Баҳс соат 16:00да бошланади. Худди шу вақтда "Каттақўрғон" — "Республика ФА" учрашуви старт олади. Соат 17:00да ТерДУ "Жайхун"ни қабул қилса, турга 18:30да бошланадиган "Металлург" — "Пахтакор ФЖ" баҳси якун ясайди.
Ҳозирда "Арал" 17 учрашувдан кейин 42 очко билан пешқадам. Кечаги йирик ғалабадан сўнг "Шўртан" 36 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. "Металлург" 34 очко билан учинчи, бир ўйин кам ўтказган ФарДУ эса 32 очко билан тўртинчи поғонада.
Шу боис бугунги баҳслар турнир жадвалининг юқори қисмига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. "Арал" ғалаба қозонса, очколарини 45 тага етказиб, энг яқин таъқибчисидан фарқни 9 очкога оширади. ФарДУ эса ўз майдонида пешқадамни енгса, 35 очко билан юқори ўринлар учун курашни янада қиздиради. "Металлург" ҳам ғалаба қозонган тақдирда 37 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиши мумкин.















