«Реал» бош мураббийи Жозе Моуриньо «Бетис»га қарши 0:1 ҳисобида бой берилган учрашувдаги ҳакамлик борасида фикр билдирди. Португалиялик мутахассис Килиан Мбаппе амалга оширган пенальтидан кейин вазият нима учун қайта кўриб чиқилмаганини тушунмаганини айтди.
«Аввало шуни айтаман: биз «Бетис»га яратган вазиятларимизни голга айлантира олмаганимиз учун мағлуб бўлдик. Гап шу.
Аммо нега пенальти қайта кўриб чиқилмади? VAR қоидани билмайдими ёки вазиятни қайта кўришни хоҳламадими? Мен ҳакамлар бу саволга жавоб беришини истардим.
Агар VAR қоидани билмаса, у ҳолда ишидан кетиши керак. Агар вазиятни қайта кўришни хоҳламаган бўлса, бу янада ёмон. Агар қоидани билмаган бўлса, нега бош ҳакамни чақирмади? Буларнинг барчаси бироз ғалати», — деди Моуринью.
Мутахассис, шу билан бирга, жамоасининг мағлубиятини мазкур эпизод билан боғламаслигини таъкидлади.
«Мен вазиятга ижобий ёндашиб, VAR футболчининг жарима майдони ичида бўлганини пайқамаган, деб ўйлашни афзал кўраман. Шуни ҳам аниқ айтмоқчиман: биз айнан шу эпизод туфайли мағлуб бўлмадик. Чунки пенальтини қайта тепганимизда ҳам гол урмаслигимиз мумкин эди.
Аммо «Реал» мураббийи ва футбол одами сифатида нега бу вазият қайта кўриб чиқилмаганини билмоқчиман. Ҳакамлар бу саволга жавоб беришини истайман», — қўшимча қилди у.
Моуринью Винисиус Жуниорга кўрсатилган сариқ карточка ҳақида ҳам савол қолдирди.
«Ўша ўйинда яна бир эпизод бор эди ва у пенальтига умуман боғлиқ эмас. Нега «Реал» сардори сариқ карточка олди? Винисиус ҳакам томон йўл олди ва ҳали унинг олдига етиб бормасидан карточкани кўрди.
Бизга сардор ҳакамга хушмуомалалик билан мурожаат қилиб, изоҳ сўраш ҳуқуқига эга, деб айтишади. Мен бу вазиятга ҳам ойдинлик киритишни истайман», — деди Моуринью.
Ҳозирда «Реал» Чемпионлар лигаси доирасида ўз майдонида «Интер»га қарши ўтадиган учрашувга тайёргарлик кўрмоқда.













