"Реал" клуби "Сантьяго Бернабеу" стадионига Испания байроқларини олиб кириш чеклангани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этди.
Клуб душанба куни ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга жавобан расмий баёнот берди. Уларда мухлисларга Испания давлат байроғи, шунингдек, мамлакат автоном ҳудудлари ва шаҳарларининг расмий байроқларини стадионга олиб кириш тақиқлангани айтилган эди.
"Реал" бу хабарларни "қатъиян ёлғон" деб атади.
Мадрид клуби стадион қоидалари амалдаги қонунчиликка мувофиқ экани ва Испаниянинг расмий байроқларига нисбатан ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмаслигини маълум қилди.
"Клуб қоидалари амалдаги қонунчилик талабларига мос келади. Мамлакатимизнинг барча расмий байроқларини стадионимизга ҳеч қандай чекловсиз олиб киришга ҳозир ҳам рухсат берилади ва аввал ҳам доимо рухсат берилган", — дейилади клуб баёнотида.
Баёнотда Испания давлат байроғи билан бирга мамлакат автоном ҳудудлари ва шаҳарларининг расмий байроқлари ҳам алоҳида тилга олинган.
Ушбу муносабат "Реал"нинг Чемпионлар лигасида "Интер"га қарши "Сантьяго Бернабеу"да ўтадиган учрашуви арафасида билдирилди.













