«Барселона» ярим ҳимоячиси Фермин Лопес ёшлигидаги қийин даврда Лионель Месси ва Андрес Иньеста унга жисмоний имкониятларига бошқача қарашга ёрдам берганини айтди.
Ферминнинг таъкидлашича, ҳар икки футболчи у учун нафақат эришган ютуқлари, балки жисмоний жиҳатдан ўзига ўхшаш бўлгани учун ҳам муҳим намуна ҳисобланган.
«Улар менга бўйи паст бўлиш инсонни ўзини бошқалардан паст ҳис қилишга мажбур этмаслигини кўрсатди», — деди Испания терма жамоаси аъзоси.
Ферминнинг сўзларига кўра, нисбатан паст бўйли икки футболчининг дунёдаги энг яхшилар қаторига кирганини кўриш унга ўз шубҳаларини енгиш ва катта мақсадларга интилиш учун ишонч берган.
У шунингдек, паст бўйли футболчиларга хос айрим устун жиҳатларни, хусусан, тез фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам алоҳида қайд этди.
«Улар менга ҳеч қачон ўзимдан шубҳаланмаслик ва орзуларимга эриша олишимга ишонишга ёрдам берди», — деди Фермин.
Ярим ҳимоячи кейинчалик «Барселона» асосий таркибида ўз ўрнини топди ва қийин ўтган ёздан сўнг яқинда яна майдонга қайтди.













