«Шахтёр» ҳимоячиси Марлон Сантос «Барселона» сафида тўп сурган даврини эслади.
«Неймар, Суарес ва Месси — футбол учун ўша пайтда ҳам жуда муҳим футболчилар эди ва ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Улар билан бирга ўйнаш мен учун катта имтиёз бўлган. Бу инсон Яратганга шукр қилиши керак бўлган воқеалардан бири эди. Улар менга доим яхши муносабатда бўлишган, айниқса, мен каби бразилиялик бўлган Неймар.
Айнан ўша «Барселона»да улар билан бирга бундай тажрибани бошдан кечириш ақл бовар қилмас даражада ажойиб эди. Бундан ташқари, Луис Энрике қўл остида ишлаш имкониятига эга бўлдим. Ҳозир у дунёнинг энг яхши мураббийи, аммо ўша пайтдаёқ унинг фалсафаси ва футбол тили мен учун жуда тушунарли эди.
Унинг қўл остидаги машғулотлар менга жуда кўп нарса берди. Чунки бундай кийиниш хонасида бўлиш инсонда бутун умр сақланиб қоладиган тажриба қолдиради.
Биласизми, у ерда энг муҳим нимани ўргандим? Камтарликни. Қанчалик буюк бўлсанг, шунчалик камтар бўласан», — деди Марлон Сантос.
30 ёшли бразилиялик футболчи 2016 йил июлдан 2018 йил августгача «Барселона» тизимида тўп сурган ва асосий жамоа сафида 3 та ўйин ўтказган.













