Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Азамат Абдураимов: «Сколари, Непомняший, Демьяненко...»

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта футболимизда қизиқ ҳолат кузатилди. Аввалига ЎФФ президенти Мираброр Усмонов миллий терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг истеъфосини қабул қилмаслиги ва ўз ишини давом эттириши ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Бу маълумот ЎФФ расмий сайтида ҳам эълон қилинди. Аммо орадан икки кун ўтиб, сайтга яна бир хабар қўйилди. Унга кўра, жорий йил ҳисобидан ўтказиладиган Осиё Кубоги-2015 гуруҳ босқичи доирасидаги 3та ўйинда Қосимов терма жамоани бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушади. Янги йилдан эса янги мутахассис бош жамоада иш бошлайди. Агар бу янгилик ҳақиқат бўлиб чиқса, Миржалол Қўшоқович ЎФФ билан амалдаги шартномаси якунлангунига қадар (31 декабрь куни тугайди) фаолиятини давом эттиради. Балки иккинчи хабарнинг чиқиши декабрь ойида ЎФФ президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловлар билан боғлиқдир. Боиси, Мираброр Усмонов бундан буён асосий эътиборини Миллий Олимпия қўмитасидаги ишига қаратади. 2016 йилги Ёзги олимпиада ўйинларининг лицензиялар ўйналадиган фурсати яқинлашмоқда. Асосий умидимиз бўлган спорт турларидаги сўнгги натижаларимиз эса ҳавас қиладиган даражада эмас. Шуни инобатга олган ҳолда Мираброр Зуфарович ЎФФдаги фаолиятларини давом эттирмасалар керак. Маълумотларга кўра, футболимизнинг янги раҳбари воҳа ҳамда аёллар футболига беминнат ёрдам бериб келаётган сенатор Алишер Султонов бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам яхшиликка қарор қабул қилинсин. Бизга натижа кўрсатмай, фақат пулни еб кетадиган хорижлик мураббийнинг кераги йўқ. Номзодлар кўриб чиқилаётганда шу нарсага жиддий эътибор қаратилиши тарафдоримиз. Қуйида айрим манбаларда миллий терма жамоа бош мураббийлигига номзоди кўрсатилган Азамат Абдураимовнинг бўлиб ўтган воқеликлар хусусидаги фикрларини ҳавола этамиз.

БОР АЙБНИ МИРЖАЛОЛГА АҒДАРИШ НОТЎҒРИ
— Шахсий фикрим шундаки, ҳозир айбдорларни излайдиган вақт эмас. Шунингдек, барча айбни бош мураббийга ағдариш ҳам нотўғри. Лекин ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги иштирокимизни жиддий тарзда таҳлил қилиш шарт. Йўл қўйилган камчилик ва хатоларни қайд этиш, ўз ўрнида эришилган ютуқларни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзига яраша муваффақиятлар ҳам борки, бундан кўз юма олмаймиз. Мураббийлар штаби, айниқса футболчиларнинг хатти-ҳаракатини ҳам кенг муҳокама қилиш керак. Олдинга қадам ташлаш учун бу санаб ўтилган таҳлилларни албатта амалга ошириш лозим. Бусиз иложи йўқ. Шундай йўл тутилмаса, жаҳон чемпионатига чиқиш орзуимиз орзулигича қолиб кетаверади. Миржалол мардларча барча айб ва мажбуриятни ўз зиммасига олди. Ҳақиқий мураббий шундай йўл тутади. Минг афсуски, биз мураббийларнинг қисмати шундай. Миллий терма жамоа етакчилари ҳал қилувчи ўйинда жамоадошларини ўз ортларидан эргаштира олишмади. Уларга барчамиз катта ишонч билдиргандик. Етакчиларнинг характер кўрсатмагани мени таажжубга солди ва бу кўнгилсиз ҳолат эди. Ўйингача аксарият футболчилар Ватан, миллий терма жамоа шаъни ҳақида интервью бериб, жуда чиройли, жимжимадор сўзларни айтишганди. Лекин ўша сўзларнинг амалдаги исботини биз майдонда кўрмадик. Аниқроғи, улар шу нарсани кўрсатиб бера олишмади. Ўзи ўйиндан олдин кўзи ёнмайдиган футболчини майдонга туширмаслик керак. Шубҳасиз, терма жамоада авлодлар алмашинуви рўй берадиган давр етиб келди. Бундан буён терма жамоада ким мураббий бўлишидан қатъий назар ёшларга кўпроқ ишонч билдиравериш керак. ЖЧ-2014 саралаш босқичи якунларини таҳлил қилиш асносида шахсан мен шундай қарорга келдим. Менинг хулосам шундай бўлди. Ишончим комилки, фахрий футболчиларнинг ўрнини муносиб тарзда тўлдира оладиган ёшлар юртимизда бор. Янги етакчилар албатта бўлади. Чунки бунга муносиб номзодлар етишиб келяпти. Одил Аҳмедов, Виталий Денисов, Жасур Ҳасанов, Баҳодир Насимов сингари етакчи футболчилар атрофида янги жамоани шакллантириш керак.

УСМОНОВНИНГ ҚАРОРИ ҲАҚИДА
— Бўлиб ўтган воқелик ва унинг якунида чиқарилган ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг қарорини тўла қўллаб-қувватлайман. Миржалол Қосимовнинг терма жамоа бош мураббийлик лавозимида йилнинг охиригача қолдирилгани яхши бўлди. Чунки янги келган мураббийнинг терма жамоа билан тўлиқ танишиб олиши учун бир ой камлик қилади. Вьетнамга қарши ўтказиладиган Осиё Кубоги-2015 саралаш ўйинигача оз фурсат қолди. Янги мураббий футболчилар билан танишадими ёки бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрадими? Менимча, иккисига ҳам улгурмайди. Қолаверса, ҳали янги бош мураббийни излаб топиш учун ҳам маълум муддат вақт керак бўлади. Ҳозир кўпчилик терма жамоага хорижлик мураббийнинг келиши ҳақида гапирмоқда. Агар ўша келиши кутилаётган мутахассис Луиз Фелипе Сколари, Валерий Непомняший ёки Павел Садирин даражасида бўлса, мен иккала қўлимни ҳам кўтариб, бунга хайрихоҳлик билдираман. Бу каби мураббийларнинг терма жамоамизга катта муваффақият олиб келишига ишонаман. Ўз ўрнида ўша мутахассисдан ўзим ҳам кўп нарсани ўрганишга ҳаракат қилардим. Сўнгги 20 йил ичида жамоаларимизда кўплаб хорижлик мутахассислар ишлаб кетишди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзидан яхши таассурот қолдиргани йўқ. Шахсий фикрим, менталитет, тил, умуман барча параметрлар бўйича бизга русийзабон мураббий керак. Фикримни Анатолий Демьяненконинг «Насаф»даги муваффақиятли фаолияти билан изоҳлайман. Германия ёки Бразилиядан келадиган ўртамиёна мураббийдан ҳеч қандай наф йўқ. Ундан кўра, маҳаллий мутахассисларга имконият бериш лозим. Айни пайтда олий лигада кўплаб истеъдодли ёш мураббийлар ишлашяпти. Айниқса, бу борада 1994 йилги Осиё ўйинларида ғалаба қозонган футболчилар авлодини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Уларда чемпионлик руҳияти ва характери бор. Айнан шу нарсани улар ўз шогирдларига бера оладилар.

ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ
Бу ёғига энди келажак режалари ҳақида бош қотириш керак. Бургага аччиқ қилиб кўрпани ёқмайсиз-ку! Бўлар иш бўлиб ўтди. Тўғри, ўтишимиз шарт бўлган жамоа тўсиғидан ўта олмадик. Иордания бизнинг даражамиздаги жамоа эмасди. Қўшимча бўлимларгача масалани ҳал қилиб қўйиш керак эди. Пенальтилар сериясида мағлубиятга учрадик. Начора, шундай бўлиши битилган экан. Ҳаёт давом этади. Ўсмир ва ёшлар билан ишлаш бўйича тажрибам борлиги учун бир фикрни айтаман. Бугунги кунда болалар футболига жуда катта сармоя киритиляпти. Қолаверса, мураббийларнинг машаққатли меҳнатини ҳам унутмаслик керак. Аслида буларнинг бари келажак учун қўйилаётган пойдевор. Давлатимиз раҳбарлари ва ЎФФнинг бу саъй-ҳаракатлари албатта ўз мевасини беради. Фақат бунинг учун озгина вақт керак. Ҳеч нарса бирданига бўлиб қолмайди. Бу йил ерга ниҳол қадаб келаси йил ундан мева кута олмайсиз-ку. Футболда ҳам шундай. Шахсан мен ўзбек футболининг ёрқин келажагига ишонаман. Ҳали зарворли ғалабаларимиз олдинда!

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:31, 27.09.2013.
Ўқилди: 6908 марта.
Фикрлар: 31 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.