Осиё футболи ҳақида қарийб 10 йилдан буён ёритиб келаётган британиялик футбол журналисти Мартин Лоу «The Asian Game» нашрида «Нефтчи» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ҳақида махсус таҳлилий мақола эълон қилди.
Мартин Лоу — Осиё футболига ихтисослашган мустақил журналист ва «The Asian Game» нашрининг катта муаллифи (Senior Contributor). У 2019 йилги ОФК Осиё кубоги вақтида Al Jazeera English телеканали ҳамда Football Nation Radio орқали футбол мухлисларига танилган.
Қуйида журналистнинг Исломбек Исмоилов ва «Нефтчи» ҳақидаги мақоласини ўзбек тилида тақдим этамиз.
Чорак асрлик танаффусдан сўнг «Нефтчи»нинг ОФК Чемпионлар лигаси — Элит мусобақасига қайтиши клуб тарихидаги муҳим воқеага айланди. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони тарихда илк бор турнирнинг лига босқичида иштирок этмоқда.
Жамоа бошқарувида эса ўз рекордини ўрнатиш арафасида турган янги мураббий — Исломбек Исмоилов бор. У турнир тарихидаги энг ёш бош мураббий бўлиш арафасида эди.
Исмоилов бу ютуқни анча олдин кўзлаган. У декабрь ойида «Нефтчи» бош мураббийи этиб тайинланганидан кўп ўтмай, ушбу келажакдаги рекорд ҳақидаги хабарни ижтимоий тармоқларида улашган. Кимгадир қарийб тўққиз ой олдиндаги натижани нишонлаш бироз эртадек туюлиши мумкин эди. Аммо Исмоилов учун бу тобора юксалиб бораётган мураббийлик фаолиятидаги навбатдаги босқич эди.
Мураббийлик касбига бағишланган фаолият
34 ёшида Исломбек Исмоиловнинг мураббийлик фаолиятидаги тажрибаси ва эришган натижаларини тўлиқ баҳолаш осон эмас. Унинг фаолиятида аллақачон салмоқли муваффақиятлар бор.
У «Пахтакор»нинг собиқ бош мураббийи Мурод Исмоиловнинг ўғли. Мураббийлик фаолиятини жуда ёшлигидан Тошкент клубининг академиясида бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон учинчи лигасида иштирок этган амбицияли «Турон» жамоасига бош мураббий бўлди.
Қўлга киритилган кетма-кет натижалар «Турон»ни Суперлигага олиб чиқди ва Исмоилов ўзининг мураббийлик салоҳияти билан кўплаб мухлислар ҳамда мутахассислар эътиборини тортди.
Кейинчалик у ёшлар футболида ҳам катта муваффақиятларга эришди. Ўзбекистон U-14 терма жамоасидан бошлаб U-17 даражасигача бўлган фаолияти давомида жамоани Осиё кубоги ғолиблигига олиб борди. Шунингдек, U-17 Жаҳон чемпионатида 1/8 финалга қадар етиб борди ва кейинчалик турнир ғолибига айланган Италия терма жамоасига имкониятни бой берди.
Шу тариқа, Исмоиловнинг футбол оламидаги нуфузи тобора ошиб борди.
Бугун у Ўзбекистон футболидаги янги авлод мураббийлари орасида нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам ўзига хос қиёфага эга. Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, ўзига бўлган қатъий ишончи ва замонавий қарашлари билан Исломбек Исмоилов Ўзбекистон футболидаги янги авлодни ифодаловчи мураббийлардан бирига айланмоқда.
Замонавий футбол ва ҳужумкор фалсафа
Ўзбекистонда Тимур Кападзе ва Сергей Токов каби истиқболли ёш мураббийлар ҳам бор. Аммо Исмоилов ўз қарашлари билан анъанавий ўзбек мураббийлик мактабидан янада узоқлашмоқда.
Унинг фалсафаси, аввало, ҳужумкор футболга асосланган. Тактик қарорлар қабул қилишда статистика ва таҳлилий маълумотларга катта эътибор беради.
Исмоилов учун энг муҳим жиҳатлардан бири — жамоанинг ўзига хос футбол идентиентига эга бўлиши.
Унинг жамоалари юқори суръатда, фаол прессинг остида ва ҳужумкор руҳда ўйнашга интилади. Тезкор ҳужумлар ва юқори энергияга асосланган ушбу футбол услуби уни Марказий Осиёда замонавий Европа футболига энг яқин мураббийлардан бирига айлантирмоқда.
Энг муҳими, бу ёндашув Ўзбекистон Суперлигасида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
Фарғонадаги янги давр
Мавсум бошида Фарғонага келган Исмоилов олдида катта вазифа турарди. У «Нефтчи»да аср бошидан буён клубга илк катта муваффақиятни олиб келган Виталий Левченконинг ўрнини эгаллади.
Исмоилов аввалги мураббийдан ҳимоявий барқарорлик ва минимал ҳисобдаги ғалабаларга таянадиган жамоани қабул қилиб олди.
Бироқ икки мураббийнинг футбол фалсафаси бир-биридан анча фарқ қиларди.
Аммо бу тафовут узоқ давом этмади.
Исмоилов бошқарувидаги дастлабки бешта учрашувда «Нефтчи» 16 та гол урди ва бор-йўғи 1 та гол ўтказиб юборди, шунингдек, турнир жадвалида пешқадамлик қилди.
Амбицияли, шиддатли ва самарали футбол — бу Исмоиловнинг имкониятларига шубҳа билан қараганларга берилган илк жавоб эди.
Бундан ташқари, «Нефтчи» чемпионлик учун асосий рақибларидан бири бўлган «Пахтакор» устидан Суперкубокда ишончли ғалабага эришди. Бу Исмоилов учун Ўзбекистон футболидаги илк соврин ва мураббийлик фаолиятидаги навбатдаги рекорд бўлди.
«Нефтчи»нинг уйғониши
«Нефтчи»даги янги давр тасодифан юзага келгани йўқ.
Клубнинг ривожланиш стратегиясида футболга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш ва истиқболли мураббий танлови, тажрибали хорижлик мутахассисларнинг жалб этилиши ҳамда трансфер сиёсатининг кучайтирилиши жамоанинг амбицияларини янада оширди.
Ўтган мавсум чемпионликни қўлга киритган таркибга бу йил ҳам янги футболчилар қўшилди.
Терма жамоа футболчилари Жамшид Искандаров ва Алишер Одиловдан ташқари, хорватиялик ҳужумчи Стипе Периц ҳамда Франция Лига 1 тажрибасига эга бўлган қанот ҳимоячиси Коффи Куако каби футболчиларнинг келиши жамоага янада катта имкониятлар ва таркиб чуқурлигини тақдим этди.
Энди «Нефтчи» бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтда кураш олиб бориши керак.
Бу эса Исмоилов учун мавсумдаги энг катта синовлардан биридир.
Чемпионлар лигаси ва Ўзбекистон
«Нефтчи»нинг ОФК Чемпионлар лигаси — Элитдаги иштирокига бўлган катта эътибор фақат клубнинг 25 йилдан сўнг қитъа футболига қайтиши билан боғлиқ эмас.
Бу — Ўзбекистон футболи учун ҳам муҳим воқеа.
«Бунёдкор»нинг энг яхши даврларидан буён Ўзбекистон клубларидан бири қитъа миқёсида бундай юқори мақсадларни очиқчасига қўйиб келмаган эди.
«Нефтчи» декабрь ойида чемпионликни қўлга киритганидан бери эътибор айнан Чемпионлар лигаси — Элит мусобақасига қаратилди.
Мақсад оддий — турнирда шунчаки иштирок этиш эмас, балки рақибларга муносиб қаршилик кўрсатиш ва ўз сўзини айтиш.
Албатта, олдинда жуда катта синовлар бор.
«Нефтчи»нинг асосий кучларидан бири — Фарғонадаги мухлисларнинг беқиёс қўллаб-қувватлаши.
Бироқ лига босқичидаги тўртта уй учрашувининг учтаси Саудия Арабистони клубларига қарши бўлади. Уларнинг таркибидаги айрим футболчиларнинг трансфер қиймати «Нефтчи»нинг бутун таркибидан ҳам юқори.
Шунга қарамай, имкониятлар мавжуд.
Янги тарихнинг бошланиши
«Нефтчи»нинг «Ал-Қува Ал-Жавия»га қарши Фарғонадаги илк учрашуви айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Исмоиловнинг ижобий ва ҳужумкор ёндашуви жамоага дастлабки учрашувдаёқ ғалаба қозониш, ишонч ва катта импульс олиш имконини бериши мумкин.
Исмоиловнинг юксалиши эса ҳозирча чегарасиздек кўринмоқда.
Декабрь ойида «Нефтчи» бош мураббийи этиб тайинланганида ижтимоий тармоқларда эълон қилган ўша постига келаси йили яна бир бор ўзгартириш киритишига тўғри келиши ҳам мумкин.
Ўзбекистон футболидаги энг ёш мураббийдан — бир неча йил ичида ОФК Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ёш мураббийгача.
Энди 34 ёшли мутахассисни қандай келажак кутмоқда?
Ўзбекистон терма жамоаси?
Осиё?
Европа?
«Кузатишда давом этамиз», — деб ёзилади мақолада.













