Луис де ла Фуэнте Испания миллий жамоаси билан янги шартнома имзолашга яқин турибди. Янги келишувга кўра, у терма жамоани 2030 йилгача бошқариши мумкин. Томонлар ўртасида фақат айрим молиявий масалаларни келишиб олиш қолгани айтилмоқда.
The Athletic хабарига кўра, Испания футбол федерацияси (RFEF) ва АҚШнинг Gersh агентлигида фаолият юритувчи, Испанияда ишлайдиган агент Альваро Торрес ўртасидаги музокаралар қарийб икки ойдан бери давом этмоқда. Айни пайтда музокаралар якуний босқичга кирган.
65 ёшли мутахассиснинг амалдаги шартномаси Евро-2028 якунига қадар мўлжалланган. Янги келишув эса уни 2030 йилги жаҳон чемпионатигача лавозимида олиб қолиши мумкин.
Манбага кўра, Де ла Фуэнтенинг янги шартнома бўйича йиллик маоши 4-5 миллион евро атрофида бўлади. Бу кўрсаткич уни дунёдаги энг кўп маош оладиган миллий жамоа мураббийлари бешталигига киритиши мумкин.
Де ла Фуэнте 2022 йил декабрида Испания миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланганидан бери катта муваффақиятларга эришди. У «Ла Роха»ни 2023 йилда Миллатлар лигаси, 2024 йилда Европа чемпионати ва 2026 йилда жаҳон чемпионлиги сари етаклади.
Жаҳон чемпионатидаги ғалаба Де ла Фуэнте бошчилигидаги Испаниянинг муваффақиятли даврини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, Испания бир вақтнинг ўзида эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпиони, шу билан бирга Европа чемпиони бўлиб турган илк мамлакатга айланди.
Шартноманинг узайтирилиши Испанияга Марокаш ва Португалия билан ҳамкорликда мезбонлик қиладиган 2030 йилги жаҳон чемпионати олдидан барқарорликни сақлаш имконини ҳам беради. Де ла Фуэнтенинг мураббийлар штаби ҳам у билан бирга 2030 йилгача ишлашда давом этиши кутилмоқда.
Де ла Фуэнте миллий жамоани қабул қилиб олишидан аввал тўққиз йил давомида Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида ишлаган. У 2015 йилда U-19 Европа чемпионатида, 2019 йилда эса U-21 Европа чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, 2021 йилги Токио Олимпиадасида Испанияни кумуш медалга олиб чиққан.
Испания миллий жамоасининг навбатдаги синови 26 сентябрь куни бўлиб ўтади. Де ла Фуэнте шогирдлари Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида Англияга қарши майдонга тушади.













