Ўзбекистон ва Фаластин ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида вакилларимиз бош мураббийи Темур Олимхўжаев иштирок этди.
— Жамоам учун ушбу ўйин дастлабки расмий баҳс эди. Улар ўйиндан олдин берилган кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Ушбу ўйиндаги асосий вазифамиз чиройли кўрсатишдан иборат эди. Боиси, ушбу жамоани ҳали мухлисларимиз кўришмаган. Шунинг учун ишқибозларни яхши ўйин билан хурсанд қилишимиз керак эди. Очиқ футбол ўйнашга эса рақиб ҳам имкон берди.
— Осиё чемпионатида Япония ўсмирлар терма жамоаси иккита тенг кучли таркиб билан иштирок этиб, бир ўйинда бошқа жамоа, иккинчи ўйинда бошқа жамоа иштирок этганди. Сиз ҳам ушбу тажрибани амалда қўллаб кўришингиз мумкинми?
— Буни вақт кўрсатади. Вазиятга қараймиз. Ҳали селекция давом этади. Ҳозирда энг кучли бўлган футболчиларни жамоага таклиф қилганмиз. Ҳали кўз остимга олиб қўйган футболчиларим кўп. Селекция ишлари давом этади.
— Жамоанинг ўйинида камчиликларни ҳам кўрдингизми?
— Камчиликсиз ўйин бўлмайди. Бугун кечқурун ўйинни таҳлил қиламиз ва хатоларни футболчиларга тушунтирамиз.
— Дарвозабонимиз кучсиздек таассурот уйғотди...
— Дарвоза томон зарба кам бўлса, посбон қотиб қолади. Бугун расмий ўйин бўлгани учун дарвозабонимизда ҳаяжон сезилгандир.
— 7-рақамли ҳужумчимиз Жонибек Кўчимов кўп вазиятларда тўпни шерикларига узатмасдан, ўзи рақиб футболчисини алдашга уриниб, тўпни йўқотаверди...
— Ҳозир пайтда футболимизда бундай ўйинчилар камайиб кетган. Мен футболчиларга фақат узатма орқали ўйнаш учун қатъий кўрсатмани бермайман. Ўзи сал каттароқ бўлса, қачон пас беришни, қачон алдаб ўтишни тушуниб оламан.