Кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда мамлакатимизда профессионал боксни янада ривожлантириш, халқаро спорт федерациялар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда маҳоратли чарм қўлқоп усталарининг муносиб издошларини тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, келажагимиз эгаларини ҳар томонлама баркамол, ўз олдига юқори марраларни қўядиган, иродаси мустаҳкам авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадлар йўлида ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, ана шундай эзгу мақсадлар йўлида бир тан-бир жон бўлиб фаолият олиб бориш лозимлиги эътироф этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг раис ўринбосари Дониёр Эргашевнинг эгаллаб турган вазифасидан озод қилиниши ҳақидаги аризаси маъқулланди ва мамлакатимизда профессионал боксни бугунгидек кенг тараққий этишига муносиб ҳисса қўшган ушбу мутахассисга самимий миннатдорчилик билдирилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг янги раҳбарияти, ижроия қўмитаси аъзолари ҳамда тафтиш комиссиясини овоз бериш орқали сайланди.
Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг раиси этиб «УЗФАРМСАНОАТ» ДАК Бошқаруви раиси Мирзаназим Дусмуродов бир овоздан сайланди.
Федерация раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Ўзбекистон халқаро экспедиторлар Ассоциацияси раиси Хоким Матчанов, раис ўринбосарлари этиб эса “Сидней-2000” Олимпиада ўйинлари ғолиби, “Ўзбекистон ифтихори” Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳамда Ойбек Ходжаев сайландилар.
Конференцияда, шунингдек, Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг ижроия қўмита ҳамда тафтиш комиссияси аъзолари овоз бериш орқали сайландилар.