"Барселона" ҳужумчиси Карим Адейеми жамоадаги ўз ўрни ва мақоми ҳақида фикр билдирди.
24 ёшли футболчи жорий мавсумда каталонияликлар сафида атиги икки марта асосий таркибда майдонга тушган. У фақат "Расинг"га қарши ўтган 7:2 ҳисобидаги учрашувни тўлиқ ўтказди ва мазкур баҳсда иккита голли узатма қайд этди.
"Асосий таркибда ўйнайманми ёки йўқми — менга барибир, десам, ёлғон бўлади. Албатта, бу муҳим. Менимча, ҳар бир футболчи ўйинни биринчи дақиқалардан бошлашни истайди. Футбол — бу кураш ва рақобат.
Мен хафа бўлиб юрадиган ёки кимгадир ҳасад қиладиганлардан эмасман. Ҳар куни мураббийга ўйнашим кераклигини исботлаш учун ишлайман. Бизнинг кийим алмаштириш хонамизда соғлом муҳит бор — ҳатто кимдир бир неча дақиқага захирадан тушса ҳам, ҳамма жамоага ёрдам беришга тайёр", — дея Адейемининг сўзларини Barca Universal келтирди.
Германиялик ҳужумчи ёзда Дортмунднинг "Боруссия" клубидан "Барселона"га кўчиб ўтган эди.













