Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Европа сафари доирасида Венгрияга қарши иккита халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди.
17 сентябрь куни Будапешт яқинидаги Будаёрш шаҳрида бўлиб ўтган дастлабки баҳсда вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голни 11-дақиқада Илҳомжон Ҳамроев киритди.
Умуман, баҳс давомида Ўзбекистон терма жамоаси сезиларли устунликка эга бўлди. Тўп назорати, рақиб дарвозаси томон йўлланган зарбалар ва яратилган хавфли вазиятлар бўйича устунликка эга бўлган вакилларимиз буни якуний ҳисобда ҳам акс эттирди.
Бир кунлик танаффусдан сўнг, 19 сентябрь куни жамоалар иккинчи ўртоқлик учрашувида яна майдонга тушди. Бу сафар «Арамис» спорт залида ўтган баҳсда мезбонлар 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувни Ўзбекистон терма жамоаси фаол бошлаб, 6-дақиқада Аброр Ахмедзяновнинг голи эвазига ҳисобни очди. Бироқ орадан бир дақиқа ўтиб, Мате Ковачс Венгрияга ҳисобни тенглаштириш имконини берди. Кейинчалик мезбонлар ташаббусни тўлиқ ўз қўлларига олиб, яна тўртта гол урди.
15-дақиқада Мате Янош Сусчак Венгрияни олдинга олиб чиққан бўлса, биринчи бўлим якунига қадар Золтан Салмаш ва Мадьяри Чаба ҳисобни 4:1 га етказди. Иккинчи бўлимда Матяш Кайтар мезбонларнинг бешинчи голини урди. Учрашувнинг сўнгги дақиқасида Беҳруз Самиёв Ўзбекистоннинг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Венгрияга қарши икки учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этди — 1:1.
Энди миллий терма жамоамизни Европа сафарида Нидерландиядаги баҳслар кутиб турибди. Ўзбекистон ва Нидерландия футзал терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувлари 21 ва 22 сентябрь кунлари ўтказилади.
ХАЛҚАРО ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВЛАРИ
17 сентябрь 2026 йил
Венгрия 0:1 Ўзбекистон
Гол: 0:1 — Илҳомжон Ҳамроев, 11.
19 сентябрь 2026 йил
Венгрия 5:2 Ўзбекистон
Голлар: 0:1 — Аброр Ахмедзянов, 6. 1:1 — Мате Ковачс, 7. 2:1 — Мате Янош Сусчак, 15. 3:1 — Золтан Салмаш, 20. 4:1 — Мадьяри Чаба, 21. 5:1 — Матяш Кайтар, 35. 5:2 — Беҳруз Самиев, 39.













