«Арсенал»нинг собиқ футболчиси Пол Мерсон жамоанинг «Брайтон»га қарши учрашув учун танланган таркибини танқид қилди.
«Канонирлар» АПЛнинг 5-турида «Брайтон»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
«Микель Артета нимага асосланиб «Брайтон»га қарши ўйинда Майлз Льюис-Скелли ўрнига Бруно Гимараэсни асосий таркибга қўйганини билмоқчиман. У бу осон ўйин бўлади деб ўйладими ёки «Брайтон» чоршанба куни «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувда 0:2 ҳисобидан қайтиб, чарчаган бўлади деб ҳисобладими — билмайман. Аммо бу режа ишламади. «Арсенал»ни югуришда ҳам ортда қолдиришди, марказда босиб ташлашди ва шунчаки парчалаб юборишди.
Бруно — яхши футболчи. Агар рақиб паст ҳимоя блокида ўйнаса, уни майдонга туширишда ҳеч қандай муаммо кўрмайман. Тўп сизда бўлса ва қарор қабул қилиш учун вақт бўлса, у жуда кучли: ажойиб футболчи, пас бериш маҳорати юқори ва футболни яхши тушунади.
Қизиқ, Артета уйга қайтаётганда: «Бу ерда мен хато қилдим», деб ўйладимикин? Бир неча ҳафта олдин «Астон Вилла»га қарши ўйинда Бруно захирадан майдонга тушиб, ажойиб ўйнаган эди. У тўпни ушлаб тура олади, тез пас беради, «девор» усулида ўйнайди ва ўйин суръатини бошқаради. Менимча, бу энг тўғри ечим бўларди.
Мен «Арсенал»нинг мағлубиятида асло Брунони айбламаяпман. Фақат бундай қийин ўйинда Артета нега таркибни ўзгартиришга қарор қилганини тушунмайман. Қанчалик кучли футболчи бўлишинг аҳамиятсиз. Терма жамоа футболчиси бўлишинг ва кўплаб ютуқларга эга бўлишинг мумкин, аммо рақиб сени зич назорат қилиб, бошингни кўтаришга имкон бермаса, ўйин бутунлай бошқача тус олади.
Агар сенда жуда кўп вақт бўлса, ҳатто мен ҳам майдонга тушиб ўйнай олардим. Аммо «Брайтон»нинг қилган иши шунчаки ажойиб эди. Уларга муносиб баҳо бериш керак — бу жуда кучли жамоа», деб ёзди Мерсон.













