Ирландия терма жамоаси бош мураббийи Хеймир Хадльгримссон Миллатлар лигасида Исроилга қарши ўйин олдидан Исроил мудофаа кучларининг Ғазодаги ҳаракатларини «геноцид» деб атади.
«Биз геноцид билан ўйнамаяпмиз, биз геноцидга қарши ўйнаяпмиз. Биз Исроилга қарши ўйнаяпмиз, Исроил билан эмас», — деди Хадльгримссон матбуот анжуманида.
Исроил — Ирландия учрашуви 27 сентябрь куни Венгриянинг Дебрецен шаҳрида бўлиб ўтади. Жавоб баҳси эса 4 октябрга белгиланган.
Ирландия футбол ассоциацияси аввалроқ УЕФАдан қуръа ташлаш маросимларида Исроил ва Ирландия терма жамоаларини бир-бирига тўқнаш келтирмасликни сўраган, аммо бу илтимос рад этилган.
Шунингдек, Ирландия футбол ассоциацияси Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий операциялари сабаб мамлакат терма жамоаларини Европа мусобақаларида иштирок этишдан четлатишга УЕФАни расман чақирган эди.













