Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти ёш футболчиларда ўйин амалиёти етишмаётганидан хавотирда.
Италиялик мутахассис мисол тариқасида икки ёш истеъдод — Эндрик ва Эстевао Виллианни келтирди. Ҳар икки футболчи ҳам «Палмейрас»да ўзини кўрсатиб, вояга етгач дарҳол Европанинг топ-клубларига — мос равишда Мадриднинг «Реал» ва «Челси» клубларига йўл олди. Бироқ улар янги жамоаларида кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда.
«Бизнингча, бразилиялик ёш футболчиларнинг асосий муаммоси — ўйин амалиёти етишмаслиги. Улар майдонга тушмаётгани учун тажриба орттира олмаяпти. Улар на бу ерда, на хорижда етарлича ўйнаяпти.
Эндрик ва Эстеваони мисол қилиб келтиришнинг ўзи кифоя. Улар 18–19 ёшида топ-клубларга йўл олишди, аммо ҳозир майдонга тушмаяпти», — деди Анчелотти. Унинг сўзларини The Touchline келтирди.
Бразилия терма жамоаси Австралияга қарши сафарда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Баҳслар 25 ва 29 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.













