«Тоттенхэм» янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш учун 367 млн евро сарфлади, аммо жамоа АПЛдаги дастлабки 5 турдан сўнг сўнгги ўринни эгаллаб турибди.
Лондонликлар ўтган мавсумни ҳам муваффақиятсиз ўтказган эди. Жамоа Англия чемпионатида 17-ўринни эгаллади. Кейинчалик Томас Франк ва Игор Тудор ҳам вазиятни кескин ўзгартира олмади.
Ёзда «Тоттенхэм» бош мураббийлигига Роберто Де Дзерби тайинланди. Италиялик мутахассис келгач, жамоа таркибида катта ўзгаришлар амалга оширилди — клуб 10 нафар янги футболчини харид қилди.
Трансферлар учун жами 367 млн евро сарфланган. Энг қиммат харид Сандро Тонали бўлди. «Тоттенҳэм» таянч ярим ҳимоячиси учун «Ньюкасл»га 108 млн евро тўлади.
Шунга қарамай, клуб катта маблағ эвазига бирорта ҳам марказий ҳужумчи харид қилмади. Ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида «Манчестер Сити»дан Омар Мармуш ижарага олинди. Аммо у жорий мавсумда ўтказган 341 дақиқасида ҳали гол ёки ассист қайд этмади.
«Тоттенҳэм» АПЛдаги дастлабки 5 та ўйинда атиги 2 очко тўплади. Жамоа «Ноттингем Форест» ва «Эвертон» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.
Лондонликлар мавсумдаги илк голларини «Астон Вилла»га қарши баҳсда урди. Конор Галлахер 82-дақиқада гол урган пайтда рақиб аллақачон 3:0 ҳисобида олдинда эди.
Де Дзербининг муаммолари фақат натижалар билан чекланиб қолмаяпти. Мудрик, Одобер ва Хави Симонснинг жароҳатлари мураббийнинг танлов имкониятини камайтирган.
Шунингдек, италиялик мутахассис айрим футболчилар, жумладан Ришарлисон билан ҳам тил топишишда қийинчиликка дуч келаётгани айтилмоқда.
«Тоттенхэм» Англия чемпионлигини сўнгги бор 1960/61 мавсумида қўлга киритган.













