"Бухоро"-"Бунёдкор" (0:0) учрашувидан сунг бухороликлар устози Тачмурод Агамуродов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Ўйин қай тарзда кечганини кўрдинглар. Йигитлар жанговор руҳда майдонга чиқишди, бунинг устига рақиб ўта кучли жамоа эди. Бунақа жамоаларга қарши футболчиларни ортиқча психологик тайёрлаш шарт эмас, улар ўз-ўзидан бу рақибга нисбатан жанговор руҳга эга бўлишади.
Биринчи бўлимда йигитлар сал ҳаяжонланишди, лекин вақт ўтган сайин шогирдларим тинчланишди ва ўзлари билган футболни намойиш эта бошлашди.
Иккинчи бўлимда кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик. Умуман, бу учрашувда ҳар иккала жамоа ютиши ҳам, ютқазиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Асосийси, бугунги футболдан мухлислар маза қилишди. Ҳар иккала жамоа ҳам мухлислар ишончини оқлашди. Ахир биз ва умуман футбол мухлислар учун-ку.
Умумий қилиб айтадиган бўлсам, бугун ҳамма нарса мени қониқтирди. Энг асосийси шогирдларимдан кўнглим тўлди. Барча мухлисларга раҳмат, бугун ҳам трибуна бизни ажойиб тарзда қўллаб турди.
"Бухоро" ПФК матбуот котиби Азиз Салихов