«Бавария» «Бенфика» ҳимоячиси Томаш Араужуни харид қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бироқ бу трансфер Ким Мин Жэ жамоани тарк этган тақдирдагина амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда журналист Кристиан Фальк хабар берди.
Манбага кўра, Араужу анчадан бери «Бавария»нинг трансфер рўйхатида бор. Шу билан бирга, ҳозир Мюнхен клуби Ким Мин Жэнинг ўйинидан мамнун ва унга янги шартнома таклиф қилиниши эҳтимоли юқори.
Жорий мавсумда Араужу барча мусобақалар доирасида 12 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 1 та голли узатма амалга оширди.
Футболчининг «Бенфика» билан амалдаги шартномаси 2031 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 30 миллион еврога баҳоламоқда.













