Кириш Регистрация
30/09 11:00 Жанубий Корея 2-1 Хитой
30/09 15:30 Ўзбекистон 1-1 Япония

Фабио Каннаваро: “Баъзан бутун масъулиятни фақат Элдорга юклаб қўймоқдамиз”

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Сурияга қарши кечадиган учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. Мураббий бўлажак баҳснинг аҳамияти, таркибдаги йўқотишлар, дарвозабонлар масаласи ҳамда Эронга қарши ўйиндаги хатолардан чиқарилган хулосалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Бош мураббийнинг таъкидлашича, жамоанинг тайёргарлик кўриши учун етарли вақт бўлган, бироқ бўлажак рақиб борасидаги хавотирлар йўқ эмас.

“Очиғини айцам, ҳозир мендаги хавотир Эронга қарши ўйиндагидан кўра кучлироқ. Чунки Эрондек рақибга қарши майдонга тушганда, у ўртоқлик мақомида бўлса ҳам, футболчиларда мотивация ўз-ўзидан пайдо бўлади. Сурия эса бутунлай бошқача: улар бўш ҳудудларни ёпиб, ўта зич ва интенсив ҳаракат қиладиган жамоа. Биз ҳар бир учрашувда ўз менталитетимиз ва фалсафамизни кўрсатишимиз шарт. Умуман олганда, йигитларнинг ҳолати аъло даражада, фақатгина Муҳаммадрасул кичик муаммо сабабли эртага майдонга туша олмайди”, деди мутахассис.

Каннаваро Жанубий Кореяга қилинадиган сафарни инобатга олиб, Сурияга қарши баҳсда захира футболчиларига ҳам имконият берилишини маълум қилди. Унинг фикрича, ҳар бир футболчи ўз ўйин дақиқаларига эга бўлиши ва жамоанинг бир қисми эканини ҳис қилиши муҳим.

Матбуот анжуманида асосий дарвозабон масаласига ҳам ойдинлик киритилди. Мураббийнинг айтишича, Абдувоҳид Неъматов машғулотлар вақтида бармоғидан жароҳат олган бўлиб, унинг майдонга тушиш-тушмаслиги тиббий штаб хулосасидан кейин ҳал қилинади. U-17 терма жамоаси дарвозабони Иброҳим Шокиров эса машғулотларда шунчаки ўйинчи етишмовчилиги сабабли ёрдамга чақирилган.

“Бизда кўп йиллик мутлақ биринчи рақамли дарвозабон шаклланмагани ҳақидаги эътирозларга келсак, мен бу ерга келганимга кўп бўлмади. Ҳали кузатув ва таҳлил жараёнидаман. Қолаверса, Олимпия терма жамоасида ҳам ажойиб дарвозабонимиз бор. Биз барчага бирдек имконият берамиз”, дея қўшимча қилди мураббий.

Эронга қарши тарихий ғалабадан сўнг кўзга ташланган камчиликлар ҳақида гапираркан, Каннаваро футболчиларни сабрлироқ бўлишга ва ўйинни тўлиқ назорат қилишга чақирди.

“Эрон билан баҳсни қайта кўриб чиқдик ва йигитларга қаерда кучайишимиз кераклигини кўрсатдим. Баъзида футболчилар воқеалар ривожини ҳаддан ташқари тезлаштириб, вазиятни яккама-якка тарзда ҳал қилишга уринмоқда. Ёки Элдор Шомуродов уч нафар рақиб қуршовида турса ҳам, тўпларни фақат унга узатяпмиз. Мен уларга керак пайтда орқага қайтиб, ҳужумни нолдан бошлаш ҳам мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бизга сабр етишмаяпти. Шунингдек, дастлабки 20 дақиқаликда гол ўтказиб юбориш одатига ҳам барҳам беришимиз шарт”.

Журналистларнинг “Нега терма жамоа доим Эрон сингари бир хил рақибларга қарши ўйнайверади? Қачон кучлироқ топ-жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилади?” деган эътирозли саволига мураббий: “Биз бу борада ҳаракат қиляпмиз”, дея қисқа жавоб қайтарди.

Шунингдек, футболчиларнинг ОАВ вакиллари билан мулоқотини чеклаш борасидаги фикрига изоҳ бераркан, Каннаваро барчани фақат футбол ҳақида ўйлашга чақирди: “Йигитлар, келинглар фақат ўйинлар ҳақида бош қотирайлик. Нега сизни учрашувнинг ўзи эмас, унинг атрофидаги бошқа нарсалар кўпроқ қизиқтиради? Футболчиларни ортиқча ҳолатлар билан чалғитмай, эътиборни бевосита яшил майдондаги ишимизга қаратишни сўрайман”.

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳамда Сурия ўртасидаги баҳс 1 октябрь, пайшанба куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 19:00 да бошланади.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 22:30, 30.09.2026.
Ўқилди: 623 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик