Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 4-6 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи (ҳар йили дунёнинг 10 та давлатида ўтказиладиган) йирик халқаро турнир бўлиб ўтади.
Мукофот жамғармаси 100.000 АҚШ долларини ташкил қилган мазкур нуфузли турнирда 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу каби йирик мусобақага мезбонлик қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда энг аввало мусобақа ўтаётган юртда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлиши ва бу даражадаги йирик мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган бўлиши талаб этилади. Шукурлар бўлсинким, бу талабларнинг барчаси мамлакатимизда мавжуд. Бундан ташқари мана шундай нуфузли турнирга мезбонлик қилаётган давлатда спортнинг ушбу тури яхши ривожланган бўлиши ҳам талаб қилинади. Эътиборлиси, дзюдо мамлакатимизда энг оммавий спорт турларидан бири бўлиши билан бирга, юртимиз терма жамоалари дунёнинг етакчи жамоаларидан бири ҳисобланади.
Мазкур Гран-При турнирида Ватанимиз шарафини 50 га яқин дзюдо усталаримиз ҳимоя қиладилар ва айни пайтда улар бўлажак мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Гран-При турнири арафасида, яъни 3 октябрь куни соат 14:00да пойтахтимиздаги “Miran International” меҳмонхонасида турнир мезбонлари ва меҳмонлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.
Бундан ташқари, 3 октябрь куни соат 17:00да пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари спорт коллежида бир қатор етакчи дзюдо усталари иштирокида ёш полвонлар учун маҳорат сабоқлари (мастер-класс) ўтказилади.