Англия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Дэнни Мерфи АПЛ тўпурарлар пойгасида Эрлинг Холандга кимлар рақобат қила олиши ҳақида фикр билдирди.
«Менимча, Жоау Педро ўзининг сифатлари ва, энг муҳими, «Челси»да уни тўплар билан таъминлаб турадиган футболчиларни ҳисобга олганда, Эрлинг Холанднинг асосий рақиби. Ҳар ҳафта сенга Коул Палмер ва Морган Рожерс ассист қилиб турса... Агар улар жароҳатлардан қочиб, еврокубокларда ўйнамаса, яъни ҳафтасига фақат биттадан ўйин ўтказса, унда Жоау Педро албатта гол уриш учун имкониятларга эга бўлади.
Шунга қарамай, менимча, ҳатто у ажойиб мавсум ўтказган тақдирда ҳам Холанддан ортда қолади. Чунки Эрлингнинг энг турли, баъзан жуда оддий кўринишдаги голларни ҳам уришдек ажойиб қобилияти бор. У ҳатто энг яхши ўйнамаётган ёки ўйиндан тушиб қолгандек кўринган пайтларда ҳам гол уришнинг уддасидан чиқади. У қандайдир тарзда барибир гол ураверади. У қилаётган ишлар шунчаки ақлбовар қилмас ва ҳайратланарли.
Яна бир «қоронғи от» — агар жароҳатлардан қоча олса — Хаверц бўлиши мумкин. У Холандга етиб олиши аниқ эмас, аммо Кай совуққонлик билан вазиятларни голга айлантира олиши сабабли кучли учлик ёки тўртликка кириши мумкин.
Агар у сафда бўлса, «Арсенал» унга гол уриш учун етарлича имконият яратиб беради. Бундан ташқари, у ҳаводаги курашларда ҳам жуда яхши ўйнайди. Менимча, у Холандга муносиб рақобат кўрсатиб, тўпурарлар пойгасида уни таъқиб қилиши мумкин. Агар «Арсенал» устунлик қилишда ва ғалаба қозонишда давом этса, Хавертц эса соғлом бўлса, у жуда кўп гол уради», — деди Мерфи Snabbare нашрига берган интервьюсида.













