Жереми Доку ўзига хос дриблинг маҳорати болалик пайтида акаси билан ўтказган ўйинлари орқали шаклланганини айтиб берди.
«Дриблинг қилишни жуда яхши кўраман. Уни кўчада, акам билан ўйнаб ўргандим. У мендан катта, шунинг учун доим уни алдаб ўтишга ҳаракат қилардим, у ҳам менга қарши худди шундай қиларди. Бундан ташқари, отам ҳам футболчи бўлган ва дриблингни яхши биларди. Мен ундан ҳам жуда кўп нарса ўргандим», — деди Доку.
Футболчи ўз услубини шакллантириш жараёнида Роналдиньо, Неймар, Марадона ва Мессининг ўйинларидан лавҳаларни кўриб, улардан ҳам илҳом олганини таъкидлади.
2031 йилга қадар мўлжалланган янги шартнома имзолаган Доку ўз ривожланишига ишонч билдирди.
«Ҳайронманми? Йўқ, деб айтардим, чунки мен доимо ўзимга ишонганман. Мақсадим — ўсишда давом этиш ва ҳар мавсум яхшироқ футболчи, ўзимнинг янада кучлироқ версиямга айланиш», — деди у.
Бельгия терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокидан кейин ва Англия Суперкубогида олган жароҳати сабаб мавсумнинг дастлабки ҳафталарини ўтказиб юборган 24 ёшли футболчи энди жамоага ёрдам беришга тайёр.
«Ўзимнинг олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ҳаракатларим, портловчан тезлигим ва дриблингим билан жамоага қандай ёрдам бера олишимни кўришни интиқлик билан кутяпман», — деди Доку.













