Хуан Куадрадо яна ватанига қайтди. "Пиза"даги муваффақиятсиз давр ва А Сериядаги 17 йиллик фаолиятидан сўнг 38 ёшли футболчи Колумбияда тўп тепишни давом эттиришга қарор қилди. Аммо унинг дебюти ўзи кутгандек кечмади.
Аввалроқ Куадрадо профессионал фаолиятини бошлаган "Индепендьенте Медельин"га қайтиши мумкинлигига ишора қилган эди. Бироқ "Ювентус" ва "Фиорентина"нинг собиқ футболчиси охир-оқибат унинг илк клубининг ашаддий рақиби "Мильонариос"ни танлади.
Тақдир тақозоси билан Куадрадо янги жамоасидаги илк ўйинини айнан "Индепендьенте Медельин"га қарши ўтказди.
У майдонда бўлган 57 дақиқа давомида собиқ клуби мухлисларининг ҳақоратлари ва ҳуштакларига дуч келди. Унга нисбатан айтилган сўзлар орасида "хиёнаткор" энг юмшоқ ифодалардан бири бўлди.
Учрашув якунида жамоалар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.













