"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ бош мураббийи сэр Алекс Фергюсон 2018 йилда бошидан кечирган мияга қон қуйилиши ва ундан кейинги тикланиш жараёни ҳақида гапирди. Ўша пайтда шифокорлар унинг тирик қолиш эҳтимолини 20 фоиз деб баҳолаган.
"Мен даҳшатга тушгандим. Овозимни йўқотдим ва гапира олмасдим. Бу жуда қўрқинчли ҳолат эди. Набираларим мени кўргани келганини эслайман, аммо мен улар билан гаплаша олмасдим", — деди Фергюсон BBC Breakfast эфирида.
Операциядан кейин Фергюсон билан махсус мутахассис ишлай бошлаган. Машқлар ёрдамида собиқ мураббийнинг нутқи аста-секин тикланган.
Операциядан тўрт ой ўтиб, Фергюсон "Олд Траффорд"га қайтди. Стадионда мухлислар уни кучли олқишлар билан қарши олган.
"Рафиқам ҳам ёнимда эди ва ўша пайт деярли йиғлаб юборди", — деди Фергюсон.
Фергюсон 1986 йилдан 2013 йилга қадар "Манчестер Юнайтед"ни бошқарган ва клуб билан барча асосий совринларни қўлга киритган. Жумладан, 13 марта Англия чемпиони бўлган ва икки марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.













