Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Миллатлар лигасида Чехия устидан 3:1 ҳисобида қозонилган ғалабадан сўнг Ламин Ямалнинг ўйинига юқори баҳо берди.
19 ёшли вингер якшанба кунги учрашувда ҳисобни очди. У 6-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. «Қизил фурия» устози «Барселона» юлдузининг узоқ масофадан йўллаган чиройли зарбасидан шу қадар таъсирландики, голдан сўнг бошини ушлаб қолди. Матбуот анжуманида эса футболчига мақтовларини аямади.
«Ямалда футболнинг ҳақиқий афсонасига айланиш учун барча нарса бор. Бу — менинг фикрим. Агар «Олтин тўп»га даъвогар бўлган ягона испаниялик футболчи у бўлганида, уни ҳаммадан яхшироқ деб айтган бўлардим. Аммо совринга бошқа испаниялик футболчилар ҳам номзод ва мен уларни ҳурмат қиламан», — дея де ла Фуэнтенинг сўзларини журналист Фабрицио Романо келтирди.
6 октябрь куни амалдаги жаҳон чемпионлари ушбу йиғиндаги сўнгги учрашувини сафарда Хорватияга қарши ўтказади.













