Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси афсонавий аргентиналик футболчи Диего Марадонани ёдга олиб, унинг миллий жамоа тарихидаги ҳиссасини таъкидлади.
«Мен Диегони унутишни истамайман. У мамлакатимизни муносиб бўлган даражага олиб чиққан инсон. У биз билан бирга бўлган пайтда бизга ёрдам берганини биламан. У ҳатто осмондан туриб ҳам ҳар бир қадамимизда бизга ёрдам беришда давом этди», — дея Мессининг сўзларини Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида келтирди.
Марадона 2020 йил 25 ноябрь куни 60 ёшида вафот этган. У Аргентина терма жамоаси сафида 1986 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан, шунингдек, 1990 йилги жаҳон чемпионатида жамоани финалга олиб чиққан.
Месси эса 2022 йилда Аргентина билан жаҳон чемпиони бўлди. Бу Марадона бошчилигидаги жамоа триумфидан 36 йил ўтиб амалга ошди.













