«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Жей-Жей Габриэл 6 октябрь куни 16 ёшга тўлди. У йилига камида 1 миллион евро маош талаб қилмоқда. Diario Sport нашрининг хабар беришича, бу уни ўз сафига қўшиб олиш учун курашаётган Европанинг топ-клублари учун асосий тўсиқ бўлмоқда.
16 ёшга тўлганидан сўнг Габриэл Европанинг исталган клуби билан профессионал шартнома имзолаш ҳуқуқига эга бўлди. «Барселона», «Реал», «Бавария» ва «ПСЖ» футболчи билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этмоқда, бироқ унинг атрофидагилар томонидан қўйилаётган молиявий талаблар даъвогарлар доирасини сезиларли даражада қисқартирмоқда.
Аввалроқ «Бавария» Габриэлнинг вакиллари билан учрашув ўтказгани хабар қилинган эди. Жамоа бош мураббийи Венсан Компани футболчига шахсан қизиқиш билдирмоқда. Мюнхенликлар уни асосий таркибга тез кириш имконияти билан жалб қилишга умид қилмоқда. Бироқ клуб футболчи сўраётган молиявий шартларга рози бўлишга тайёр эмас.
Йилига 1 миллион евродан бошланадиган маош талаби Дортмунднинг «Боруссия»си ва Леверкузеннинг «Байер» клубларини ҳам музокаралардан четлатган. Ҳар икки клуб ҳам айнан юқори молиявий талаблар туфайли ўз позицияларини бой берган.
«Барселона» ва «Реал» эса Габриэлга қизиқиш билдиришда давом этмоқда. Футболчининг оиласи ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган ва танловга шошилмаяпти.
Футболчининг ўзи ҳануз «Манчестер Юнайтед» рўйхатида қолмоқда. Аввалроқ Габриэл ва унинг оиласи асосий жамоадаги роли борасидаги келишмовчиликлардан кейин клубдан уни қўйиб юборишни расман сўраган эди.
Агар Габриэл бошқа клуб билан шартнома имзоласа, «Манчестер Юнайтед» судга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.













