Миланнинг «Интер» клуби яримҳимоячиси Пётр Зелиньски жамоасининг УЕФА Чемпионлар лигаси янги мавсумидаги асосий мақсади ҳақида гапирди.
Польшалик футболчининг таъкидлашича, «нерадзурри» бу галги мусобақада ўз имкониятларини намойиш этиш ва ўтган мавсумдагидан яхшироқ натижа қайд этишни кўзламоқда.
«Биз Чемпионлар лигасида таркибимизда юқори савияли футболчилар кўп эканини исботламоқчимиз. Асосий мақсадимиз — ҳеч бўлмаганда ўтган мавсумдагидан яхшироқ иштирок этиш.
Жамоамизда кучли футболчилар жуда кўп ва биз бу имкониятлардан фойдаланишни истаймиз», — дея Зелиньскининг сўзларини келтиради Tuttomercatoweb нашри.
Эслатиб ўтамиз, «Интер» Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумида мухлислари кутган натижани қайд эта олмаган эди.
Милан клуби умумий босқичда ўтказилган саккизта учрашувнинг учтасида мағлубиятга учраб, турнир жадвалида 10-ўринни эгаллаган.
Плей-офф босқичида эса «Интер» кутилмаган натижа билан мусобақани тарк этган. Италия гранди дастлабки босқичдаёқ Норвегиянинг «Будё-Глимт» клубига имкониятни бой берган эди.
Энди «нерадзурри» янги мавсумда ўтган йилги муваффақиятсизликни ортда қолдириб, Европа майдонларида яхшироқ натижа кўрсатишга интилмоқда.













