Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат футбол тизимида замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Британиянинг «Blue Sky Sports» футбол агентлиги билан музокаралар олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъуллари «Blue Sky Sports» директори Ричард Крессвелл билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида футбол соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш, халқаро илғор тажрибани жорий этиш ҳамда замонавий лойиҳавий бошқарув механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ёш футболчиларни хориж клублари ва академияларида ривожлантириш, уларнинг профессионал фаолиятини самарали бошқариш бўйича ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Буюк Британиянинг футболни бошқариш ва ривожлантириш соҳасидаги тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.














