Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳужумчиси Кай Хаверц яқин ҳафталар ичида жароҳатидан тузалиб, майдонга қайтиши мумкин.
Германиялик футболчи миллий терма жамоа ихтиёрида бўлган вақтида жароҳат олган эди. Ҳозирча унинг тикланиш муддати борасида расмий маълумот берилмаган бўлса-да, дастлабки тахминлар ижобий.
Жароҳатлар бўйича мутахассис Стивен Смит Metro нашрига берган интервьюсида Хаверцнинг ҳолати юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Катта эҳтимол билан, унинг ҳолатида мушакларнинг енгил чўзилиши ҳақида гап кетмоқда. Агар шундай бўлса, тикланиш жараёни икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этади», — деди мутахассис.
Шу тариқа, агар жароҳатнинг енгил даражада экани тасдиқланса, Хаверц октябрь ойининг иккинчи ярми ёки ноябрь бошларида майдонга қайтиши мумкин.
Маълумот учун, Кай Хаверц жорий мавсумда «Арсенал» сафида барча мусобақалар доирасида еттита учрашувда иштирок этиб, учта гол урган.
Микель Артета шогирдлари навбатдаги учрашувини 10 октябрь, шанба куни Англия Премьер-лигасининг 6-тури доирасида «Лидс»га қарши ўтказади.
Лондон клуби ўз майдонида бўлиб ўтадиган мазкур баҳсни Тошкент вақти билан соат 16:30 да бошлайди.













