Мадриднинг «Реал» клуби марказий ҳимоячиси Рауль Асенсио узоқ вақтдан буён безовта қилиб келаётган жароҳати ва нима сабабдан жарроҳлик амалиётини кечиктиргани ҳақида гапирди.
23 ёшли испаниялик футболчи яқинда болдир суягида операция ўтказди. Маълум бўлишича, ҳимоячи анча вақтдан буён оғриқ билан ҳаракат қилиб келган ва жамоасига ёрдам бериш мақсадида жарроҳлик амалиётини ортга сурган.
Асенсионинг таъкидлашича, жароҳат билан боғлиқ муаммолар бир йил аввал бошланган. Январь ойидан эса у фақат жарроҳликсиз даволаш усуллари ёрдамида футбол ўйнашда давом этган.
«Ҳаммаси бир йил аввал бошланган. Январь ойидан буён суягимнинг ҳолатини фақат консерватив даволаш усуллари ёрдамида назорат қилиб келдик. Аммо оғриқ тобора кучайиб борарди.
Мен қаттиқ азоб чекардим, бироқ тўхташни истамасдим. Чунки жамоа ҳамма нарсадан муҳимроқ. Мен учун «Реал» доимо биринчи ўринда туради.
Кейин эса суякдаги дарз кенгайиб кетган пайт келди. Шунда жарроҳлик амалиётидан бошқа чора қолмаганини тушундим», — дея Асенсионинг сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Маълумот учун, Рауль Асенсио жароҳати сабабли жорий мавсумда ҳали бирорта ҳам расмий учрашувда майдонга тушмади.
Дастлабки тахминларга кўра, футболчининг тўлиқ тикланиши учун икки ойдан тўрт ойгача вақт талаб этилади.













