Лондоннинг «Арсенал» клуби қишки трансферлар даврида жамоа ҳужумчиси Виктор Дьёкереш билан хайрлашиши мумкин. Англия гранди швециялик футболчи бўйича келиб тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр экани хабар қилинмоқда.
Football Insider нашрининг маълум қилишича, «Арсенал» раҳбариятида Дьёкерешнинг имкониятларига нисбатан шубҳалар тобора ортиб бормоқда.
Швециялик ҳужумчи ҳозирга қадар Лондон клуби сафида ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмаяпти. Бунинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида футболчининг ўйин услуби бош мураббий Микель Артета қўллаётган тактик тизимга мос келмаётгани кўрсатилмоқда.
Манбага кўра, «Арсенал» мутасаддилари вазиятни жиддий баҳоламоқда ва январь ойида Дьёкерешнинг трансфери бўйича бошқа клублардан тушадиган таклифларни эшитишга тайёр бўлиши мумкин.
Шу тариқа, швециялик ҳужумчининг «Арсенал»даги келажаги сўроқ остида қолмоқда. Бироқ футболчини сотиш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилингани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, Виктор Дьёкереш жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида бешта учрашувда иштирок этди, аммо ҳозирча бирорта ҳам гол урмади ёки голли узатмани амалга оширмади.
Transfermarkt портали швециялик ҳужумчининг бозор қийматини 55 миллион еврога баҳоламоқда.













