«Манчестер Юнайтед» ва ярим ҳимоячи Бруну Фернандеш ўртасида янги шартнома борасидаги музокаралар жараёни тафсилотлари маълум бўлди.
Аввалроқ «қизил иблислар» португалиялик футболчи билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича музокараларни бошлагани хабар қилинган эди.
Бироқ TEAMtalk маълумотига кўра, ҳозирча томонлар шартнома муддати бўйича келиша олмаяпти. «Манчестер Юнайтед» Фернандешни жамоада сақлаб қолишни жуда истамоқда, аммо клубда ярим ҳимоячи келгуси йилларда ўзининг юқори даражасини пасайтириб қўйишидан хавотир бор.
«Қизил иблислар» футболчига 2029 йилгача мўлжалланган шартнома таклиф қилмоқда. Бироқ муҳим шарт бор: битим футболчи маълум миқдорда ўйинларда майдонга тушган тақдирда мунтазам равишда узайтириб борилади. Музокаралар давом этмоқда.
32 ёшли Фернандеш жорий мавсумда барча турнирларда 7 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг амалдаги шартномаси келаси ёзда ўз ниҳоясига етади.













