АҚШнинг Олий футбол лигаси (MLS) комиссари Дон Гарбер келажакда «Бавария» ҳужумчиси Харри Кейнни мамлакат чемпионатида кўришни хоҳлашини билдирди.
Аввалроқ англиялик футболчи келажакда MLSда ўйнаш истаги борлигини маълум қилган эди. Шу билан бирга, Кейн Америка футболи миллий лигасида (NFL) зарбаларни амалга оширувчи ўйинчи сифатида ҳам ўзини синаб кўришни хоҳлашини айтган.
«Мен унинг буни амалга оширишини жуда хоҳлардим.
Менимча, бу биз орзу қилган мақсаднинг рўёбга чиқиши бўларди. Биз футбол ривожланган мамлакатни шакллантиришга хизмат қиладиган ҳақиқий футбол лигасини барпо этишни истаганмиз.
Бу гаплар оддий шиорга ўхшаб туюлиши мумкин, аммо аслида биз бу мақсадни ёзма равишда ҳам белгилаб қўйганмиз.
Биз шундай мусобақа яратмоқчи эдикки, Харри Кейн каби футболчилар «Мен ҳам MLSда ўйнаб кўришни хоҳлардим», деб айтишсин.
Менимча, Месси бунинг мумкинлигини исботлади.
Уни олиб келиш учун рақобатли жараёндан ўтишга тўғри келди. Биз «Барселона»га қайтишдан кўра яхшироқ имконият таклиф қилишимиз, шунингдек, уни Саудия Арабистонида ўйнаш фикридан қайтаришимиз керак эди.
У Майамида ўйнаши, клубнинг янги стадион қуришига имконият яратиши, рекордлар ўрнатиши ва лиганинг энг қимматли футболчисига айланиши мумкин эди.
Энди эса у шу ҳафта миллий терма жамоадаги фаолиятини унутилмас тарзда якунлади», — деди Гарбер.
Шу билан бирга, 33 ёшли Харри Кейн ҳозирча фаолиятида пасайиш аломатларини кўрсатаётгани йўқ. Аксинча, у ёши улғайгани сари ўйинини янада такомиллаштириб бормоқда.
Англия терма жамоаси ҳужумчиси гол уриш маҳорати ва ўйин ташкил этиш қобилиятини ўзида мужассам этган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади.
Кейн жорий мавсумда ҳам аввалги юқори натижадорлигини такрорлаши кутилмоқда.
Шунингдек, у айни пайтда «Бавария» билан шартномасини узайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.













