Мадриднинг «Реал» клуби мухлислари Испания Ла Лигасининг 8-туридан ўрин олган «Вильярреал»га қарши учрашув давомида ҳакамлик тизимини коррупцияда айбловчи шиорлар билан норозилик билдирди.
Баҳснинг 72-дақиқасида бош ҳакам Исидро Диас де Мера видеотакрорни кўриб чиққач, Винисиус Жуниорнинг голини бекор қилди ва бразилиялик футболчига қизил карточка кўрсатди.
Бунга «Реал» қанот ҳужумчисининг голли ҳужум давомида рақиб ярим ҳимоячиси Натан Салибанинг сочидан ушлаб, уни тортгани сабаб бўлди.
Ҳакамнинг ушбу қароридан сўнг мадридлик мухлислар кескин норозилик билдириб, «Негрейра ҳали ҳам ҳакамлик қиляпти!», «Федерацияда коррупция!» ва «Жонга тегди!» дея шиорлар айта бошлади.
Мазкур вазият юзага келган пайтда «Реал» ўз майдонида «Вильярреал»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этаётган эди. Баҳс шу ҳисобда якунланди.













