«Бавария»нинг фахрий президенти Ули Хёнесс халқаро ўйинлар тақвимини кескин танқид қилди.
Мюнхенликлар Германия Бундеслигасида «Аугсбург» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганидан сўнг Хёнесс терма жамоалар ўйинлари учун ажратилган танаффуслар клублар фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
«Бундеслига бошланганидан атиги тўрт ҳафта ўтиб, икки ҳафталик танаффус эълон қилиниши — ҳақиқий фалокат.
Бизнинг 18 нафар футболчимиз терма жамоалар ихтиёрига кетди. Бундай вазиятдан кейин жамоанинг ўйин ритми йўқолиши мутлақо табиий», — деди Хёнесс.
Шунингдек, «Бавария»нинг фахрий президенти футбол клубларини ўз манфаатларини фаолроқ ҳимоя қилишга чақирди.
«Клублар ниҳоят ўз сўзида қатъий туриши керак. Чунки футболчиларга маошни терма жамоалар эмас, айнан биз — клублар тўлаймиз», — дея қўшимча қилди у.
Хёнесс УЕФАни Миллатлар лигаси мусобақасига устувор аҳамият бераётгани учун ҳам танқид қилди. У мазкур турнирни «бемаъни мусобақа» ва «йилнинг энг катта ҳазили» деб атади.
Қизиғи, сентябрь ойида «Бавария» бош директори Ян-Кристиан Дрезен янги халқаро тақвимни ижобий баҳолаган эди. Унинг фикрича, янги тақвим клуб футболи манфаатларига кўпроқ мос келади.













