Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирида бугун, 12 октябрь куни умумий босқичнинг 2-тур учрашувлари старт олади. Ғарб минтақасида жами олтита баҳс ўтказилиши режалаштирилган. Уларнинг иккитасида Ўзбекистоннинг "Пахтакор" ва "Нефтчи" клублари иштирок этади.
Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг "Ал-Қодисия" клубини қабул қилади. Учрашув "Пахтакор" марказий стадионида соат 18:45 да бошланади.
"Шерлар" мусобақанинг дастлабки турида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" жамоаси билан дуранг ўйнаб, бир очкони қўлга киритган эди. "Ал-Қодисия" эса биринчи учрашувини ғалаба билан якунлаган. Шу боис Тошкентдаги баҳс ҳар икки жамоа учун турнир жадвалидаги мавқеини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Фарғонанинг "Нефтчи" клубини эса янада жиддий синов кутмоқда. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоа Ар-Риёдда Криштиану Роналду тўп сураётган "Ан-Наср" меҳмони бўлади.
Фарғоналиклар илк турда Ироқнинг "Ал-Қува Ал-Жавия" клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Учрашув тақдирини 83-дақиқада Зоран Марушич томонидан киритилган гол ҳал қилган.
"Ан-Наср" эса дастлабки турда БААнинг "Ал-Айн" клубига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу сабабли Саудия Арабистони жамоаси ўз майдонидаги баҳсда биринчи очколарини қўлга киритишга интилади.
Куннинг қолган учрашувларида "Ал-Васл" Саудия Арабистонининг амалдаги чемпион "Ал-Аҳли" клубини қабул қилади. Шунингдек, "Трактор" "Ал-Шамал"га, "Ал-Ғарафа" "Истиқлол"га, "Ал-Қува Ал-Жавия" эса "Ал-Айн"га қарши баҳс олиб боради.
Элит ОЧЛ. Умумий босқич, 2-тур
12 октябрь. Барча вақтлар Тошкент вақти билан:
18:45 — "Пахтакор" (Ўзбекистон) — "Ал-Қодисия" (Саудия Арабистони)
21:00 — "Ал-Васл" (БАА) — "Ал-Аҳли" (Саудия Арабистони)
21:00 — "Трактор" (Эрон) — "Ал-Шамал" (Қатар)
23:15 — "Ал-Қува Ал-Жавия" (Ироқ) — "Ал-Айн" (БАА)
23:15 — "Ал-Ғарафа" (Қатар) — "Истиқлол" (Эрон)
23:15 — "Ан-Наср" (Саудия Арабистони) — "Нефтчи" (Ўзбекистон)
Мусобақанинг 2-туридан ўрин олган қолган учрашувлар 13–14 октябрь кунлари бўлиб ўтади.













