Мюнхеннинг «Бавария» клуби президенти Герберт Хайнер жамоа ҳужумчиси Харри Кейн билан янги шартнома имзолаш борасида олиб борилаётган музокаралар ҳақида фикр билдирди.
Клуб раҳбарининг таъкидлашича, томонлар ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда давом этмоқда ва яқин орада келишувга эришилиши мумкин.
«Харри билан янги шартнома? Бу масалада некбинман. Музокаралар яхши кетмоқда. Кейн ва унинг оиласига Мюнхендаги ҳаёт жуда ёқади. Ўйлайманки, тез орада барча ҳужжатлар имзоланади», — деди Хайнер. Унинг сўзларини Bild нашри келтирмоқда.
33 ёшли англиялик ҳужумчи 2023 йилнинг ёзидан буён «Бавария» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Кейннинг Мюнхен клуби билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг июнь ойи охирига қадар мўлжалланган.
Айни пайтда футболчининг трансфер бозоридаги қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда.













